Шаҳрисабзда 33 ёшли эркак ота-онасининг кўз ўнгида калтакланди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 3 ноябрь куни 33 ёшли фуқаро ота-онасининг кўз ўнгида «кўча болалари» калтакланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Хабарга кўра, Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирган. Айтилишича, 3 ноябрь куни соат 12:30 да Ё.Ю. бошқарувида бўлган «Nexia-2» автомашинасида «Янги Кеш» бозори ёнидан бурилиб, 30 метр ҳаракатланиб бориб, йўлнинг чап томонидаги автомашиналар турар жойига кириш учун тўхтаб турган У.О. бошқарувидаги «Spark»ни орқа томонидан уриб юборган. Оқибатда автомобилларга шикаст етган, ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Ҳайдовчилар Ё.Ю. ва У.О. автомашинадан тушиб, ўзаро гаплашиб турганида Б.Ж. уларнинг олдига келиб, «Ўзаро келишинглар, ҳозир Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари келиб, иккингизни ҳам олиб кетади», деб айтади. Ё.Ю. эса Б.Ж.га қаршилик кўрсатиб, уни ҳақорат қилади. Бундан жаҳли чиққан Б.Ж. қўлидаги ичимликнинг шишаси билан Ё.Ю.нинг бошига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказади. Натижада Ё.Ю. Китоб тумани Тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилиб, даволаниш учун ётқизилган.

Китоб тумани Тиббиёт бирлашмаси шифокори А.Й. томонидан 3 ноябрь куни берилган маълумотномада Ё.Ю.нинг танасида ёпиқ бош мия шикасти, бош мия чайқалиши, бошнинг тепа соҳасида юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши кўринишида тан жароҳатлари борлиги кўрсатилган.

Ушбу ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 11 ноябрь куни Ё.Ю. шифохонадан чиққанлиги сабабли судга оид тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган. Тўпланган ҳужжатлар Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси иш юритувида бўлиб, судга оид тиббий экспертиза хулосаси олингач, унга кўра жиноят иши қўзғатиш ёки қўзғатмаслик масаласи кўриб чиқилади.

Аввалроқ Наманганда 51 ёшли эркак спиртли ичимлик олиб бермагани учун калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Каттақўрғонда йигит икки болали аёлга уйланишига қарши бўлган отасини калтаклаган.

Янгиликлар