Қашқадарёда 14 ёшли бола бошқарувидаги машина ЙТҲга учраши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди
Қашқадарё вилояти Қарши туманида 19 апрель куни вояга етмаган ҳайдовчи бошқарувидаги машина йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда MY5 телеканалининг Hudud дастури сюжетида хабар берилди.
Қозикент маҳалласида 2011 йилда туғилган бола отасининг Gentra автомобилини рухсатсиз бошқарган. У ичида жами 5 киши бўлган машинани юқори тезликда ҳайдаб, руль бошқарувини йўқотган ва йўл четида тўхтаб турган юк машинасига урилган.
ЙТҲ оқибатда салондаги 2 нафар йўловчи — ҳайдовчининг дўстлари воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна икки нафар йўловчи ўта оғир, бир нафари ўрта оғир аҳволда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.