Ўзбекистон ахборот тизимларига биринчи чоракда четдан қанча киберҳужум уюштирилгани маълум бўлди

Президент ҳузурида Ахборот технологиялари вазирлигининг фаолияти ва 2022 йилдаги режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошлангани хабар берилганди. Маълум қилинишича, жараён давомида Ўзбекистон ахборот тизимларига биринчи чоракда четдан қанча киберҳужум уюштирилгани очиқланган.

Қайд этилишича, йиғилишда ҳозирги мураккаб вазиятда киберхавфсизлик масаласига эътиборни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. 2022 йил биринчи чоракнинг ўзида ахборот тизимларига четдан 200 тадан ортиқ киберҳужум уюштирилгани маълуи қилинган.

«Шунинг учун бугун киберхавфсизлик тўғрисида Қонунни имзоладим. Бу янги қонун ҳозирги замон таҳдидларига қарши курашиш учун ҳуқуқий асос бўлади», — деди Президент.

Келтирилишича, Президент «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясини трансформация қилиш масаласига тўхталган.

«‘Ўзбектелеком’ жаҳоннинг нуфузли алоқа компанияларига ўхшаб, давлатга юқори даромад келтирувчи, сифатли хизматларни экспорт қилувчи, юқори технологик, даромадли ва намунали компания бўлиши керак», — деди давлат раҳбари.

2022 йилда компаниянинг операцион харажатлари ва таннархини 15 фоизга қисқартириш, июль ойида халқаро рейтинг олишини таъминлаш ва келгуси йил мартда компанияни IPOга чиқариш бўйича топшириқлар берилган.

Шунингдек, йиғилишда барча вазирлик ва идоралар ахборот тизимларининг хавфсизлик даражасини ўрганишга кўрсатма берилган. Бунда, биринчи ярим йилликда давлат идораларидаги 50 та, йил якунига қадар яна 120 та ахборот тизимлари танқидий кўриб чиқилади. Ахборот хавфсизлигига эътиборсиз бўлаётган раҳбарлар масъулияти кўриб борилади. Соҳада илм-фан ва таълимни ривожлантириш устувор вазифа бўлиши кераклиги, бугунги кунда иқтисодиётни рақамлаштириш учун камида яна 12 минг нафар юқори малакали мутахассисларга талаб борлиги таъкидланган.

АКТ вазирлигига икки ой муддатда Ахборот технологиялари университетини таянч илм-фан ва таълим кластерига айлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.

Замонавий «IT-парк» университетини ташкил этиш, Жиззахда 2-босқич талабаларини асосий мутахассислиги билан бирга қўшма таълим дастурлари орқали IT фанларига чуқур ўргатиш бўйича қарор лойиҳаларини киритиш вазифаси қўйилган.

Янгиликлар