Ўзбекистон минтақавий IT марказига айлантирилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантириш вазифасини қўйди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантириш вазифасини қўйган. Бунинг учун:

  • IT экспортини йил якунига қадар камида 100 миллион долларга етказиш;
  • ички IT хизматлари ҳажмини йилига камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш;
  • жорий йилда қолган 6 та ҳудудда ҳам IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва малакали кадрлар таъминлаш, қолганларида камида 20 тадан компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва 5 минг нафар ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Ахборот технологиялари вазирлиги нафақат ўз таркибидаги корхоналар билан, балки барча тармоқ ва ҳудудларда рақамлаштириш ва ахборот технологиялари билан бевосита шуғулланиши шарт», — дейди Президент.

Эндиликда вазирлик раҳбарияти ҳар ҳафта туманга, қишлоққа, маҳаллага, корхоналарга бориб, жойлардаги муаммоларни ўрганади ва ҳал этиб боради. Ҳар бир вазирлик, идора ва ҳокимларнинг ITга масъул ўринбосари АКТ вазирига бўйсунади, уларнинг иши ҳар чоракда аниқ натижаларга қараб баҳоланади.

Йиғилишда биринчи ярим йилликда 6 та (Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Наманган), йил якунигача яна 8 та масофавий хизматлар марказини ташкил қилиб, хориждан буюртмалар олишни йўлга қўйиш топширилган.

Жаҳон IT бозорига чиққан камида 30 та йирик компанияларни мамлакатимизда фаолиятини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилган. Энг оғир ҳудудлар — Қорақалпоғистон, Андижон ва Сурхондарёда ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Икки ой муддатда хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий лойиҳалар орқали 1 минг нафар ёшларнинг IT-паркларда малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилган.

Йил бошидан хориждан 3 мингга яқин IT мутахассислар келган бўлиб, уларнинг асосий қисми шу ерда узоқ муддат қолиб ишлашни режа қилганлиги таъкидланган.

Янгиликлар