Нотиқлик танловига старт берилди

Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Муаммо, ечим ва натижа» нотиқлик телетанловини эълон қилди.

Илк маротаба телевизион форматда ўтказилаётган танловнинг мақсади ёшлар ўртасида давлат тилининг нуфузини ошириш, уларнинг нутқ маданиятини ўстириш, ўзбек тилининг жозибаси ва сўз имкониятларини тараннум этишга қаратилган.

Танловда 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча Ўзбекистон фуқаролари иштирок этишлари мумкин.

Хўш, иштирокчиларга қандай талаблар қўйилади?

Танлов 4 та босқични ўз ичига олади: саралаш, ҳудудий, махсус ўқув машғулотлари ҳамда телевизион босқич.
Ҳар бир босқичда иштирокчилар ўзлари танлаган эркин мавзуда нутқ маҳоратларини намойиш этишади. Экспертлар иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаш жараёнида танланган мавзунинг долзарблиги, қай даражада аҳамиятли эканлиги ва аудитория учун муҳимлигини инобатга олишади. Шунингдек, нутқнинг мазмуни ва тузилиши, яъни, унинг мантиқий давомийлиги, фикрни етказиб бериш қобилияти ва усуллари ҳамда адабий тил қоидаларига амал қилиниши юқори баҳоланади.

Танловда иштирок этиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Жорий йилнинг 1 август санасига қадар @notiq_motivatsionbot орқали иштирокчилар рўйхатга олинади. Талабгордан ариза йўллаш баробарида 1 дақиқали нутқи акс этган видеолавҳани телеграм мессенжерида +99893 382-58-00 рақамига юбориш сўралади.

Танловнинг якуний босқчида энг юқори балл тўплаган кучли 10 та иштирокчи ғолиб деб топилади.
Ёшлар, нотиқлик санъатингизни оммага кўрсатинг ва ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо совғаларига эга бўлинг!

Батафсил маълумотни Ёшлар ишлари агентлигининг сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида олишингиз мумкин.

Янгиликлар