Бухоролик яна бир мактаб битирувчиси 4 та хорижий ОТМга грант асосида талабаликка қабул қилинди

Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 55-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб интернати битирувчиси Акобир Баҳронов бир пайтнинг ўзида 4 та хорижий олийгоҳнинг талабасига айланди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Айтилишича, Акобир 2013—2014 ўқув йилидан бошлаб «Билимлар беллашуви» ва фан олимпиадаларида туман, вилоят босқичларининг ғолиб ва совриндорлари қаторидан ўрин ола бошлаган. 2015—2016 ўқув йилида эса халқаро олимпиадаларнинг саралаш босқичида фаол иштирок этган. 2017—2018 ўқув йилида бўлса, у «Инновацион олимпиада»нинг туман ва вилоят босқичида 100 баллни қайд этиб, ғолиб сифатида республика босқичида иштирок этди ва энг юқори натижага эришган ҳолда Халқ таълими вазирлигининг диплом, медал ва эсдалик совғаларини қўлга киритди.

У математикадан ташқари инглиз тилини ҳам ўзлаштириб, IELTS халқаро сертификатини 6,5 балл билан қўлга киритди ва бир вақтнинг ўзида 4 та хорижий олийгоҳнинг талабасига айланди.

Аввалроқ наманганлик 2 ўқувчи бир вақтнинг ўзида 10 дан ортиқ олийгоҳларга ўқишга қабул қилингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар