Қозоғистонда ўтган бир суткада 439, Қирғизистонда эса 272 кишида коронавирус аниқланди

Қозоғистонда 15 август маҳаллий вақт билан соат 18:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 102 287 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 80 716 нафари тўлиқ соғайган, 1269 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 439 та янги ҳолат қайд этилган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ Олмаота шаҳрининг 110 минг нафар фуқароси карантин даврида моддий даромадсиз қолгани ҳақда хабар берилганди.

Қирғизистон

Қирғизистонда 15 август маҳаллий вақт билан соат 18:30 ҳолатига кўра, 41 645 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 33 951 нафари соғайиб, 1493 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 6201 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 272 кишига кўпайган, 2 нафар бемор вафот этган.

Фото: «Kloop.kg»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 12 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 3018 шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 15 август маҳаллий вақт билан соат 18:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 7989 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 6777 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 63 нафари вафот этган.

Фото: «Asia-plus»

Aввалроқ Эрондан Тожикистонга 60 нафар фуқаро чартер рейси орқали қайтарилгани ҳақда хабар берилганди.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Туркманистон ва Татаристон ҳукуматлари COVID-19 инфекциясига кураш масалаларини муҳокама қилаётгани ҳақда хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, 13 август куни ўтказилган онлайн мулоқотда Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Татаристон саноат ва савдо вазири Aлберт Каримов билан шу масалани муҳокама қилган.

Россия

Россияда 15 август маҳаллий вақт билан соат 18:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 917 884 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 729 411 нафари соғайган, 15 617 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 5061 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «РИA Новости»

Aввалроқ Россияда коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи партияси ишлаб чиқарилгани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар