Ромитанда ўтказилган «патронаж кунлиги»га 200 дан зиёд ҳамшира жалб қилинди (фото)

Бухоро вилояти Ромитан туманида 14 октябрь куни «патронаж кунлиги» ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, тумандаги 2-сектор ҳудудида жойлашган 39-қишлоқ оилавий поликлиникаси томонидан CОVID-19 инфекциясининг иккинчи тўлқинига аҳоли огоҳлигини ошириш, хонадонларда ушбу касаллик билан уй шароитида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиш, шу билан бирга касалликни эрта аниқлаш мақсадида мазкур «патронаж кунлиги» ўтказилган. Шу мақсадда тумандаги бирламчи тизимда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ патронаж ҳамширалар ва УAШлар жалб қилинган.

Фото: Ромитан туман тиббиёт бирлашмаси

Маълум қилинишича, 39-ОП ҳудудидаги 2157 та хонадоннинг ҳар бирига берилган саволнома асосида уй шароитида даволанаётган беморларни эрта аниқлаш мақсадида уйма-уй кириб чиқилган. Ўрганиш жараёнида олинган маълумотлар туман тиббиёт бирлашмасининг коронавирус инфекциясига қарши кураш штабига таҳлил қилиш учун топширилган. Шу билан бирга аҳоли хабардорлигини ошириш, мобил бригадалар ва махсус поликлиника ва уларнинг телефон рақами қайд қилинган 2200 та тарқатма материаллар берилган.

Фото: Ромитан туман тиббиёт бирлашмаси

Таъкидланишича, туман санитария эпидемиология осойишталиги маркази ходимлари томонидан ҳудуднинг хонадон ва кўчаларида дезинфекция ишлари амалга оширилган.

Фото: Ромитан туман тиббиёт бирлашмаси

Aввалроқ Бухородаги туман тиббиёт бирлашмаларида коронавирусга қарши кураш доирасида 100 тадан қўшимча ўрин-жой ташкилланиши ҳақда хабар қилинганди.