Отабек Умаров Осиё Олимпия Кенгашига вице-президент бўлди

Уммон султонлиги пойтахти Маскат шаҳрида 15 декабрь куни Осиё Олимпия Кенгаши (ООК)нинг навбатдаги Бош Ассамблеяси йиғилиши бошланди. Унда Отабек Умаров расман ташкилот вице-президенти этиб сайланди, дея хабар берди Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, ООК Конституциясига кўра 5та йирик комплекс мусобақаларга мезбонлик қилувчи мамлакатлар ООК вице-президенти лавозимига ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиши қайд этилган. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон 2025 йилги IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши туфайли биринчи марта ўз вакилини ООК раҳбариятига номзод сифатида таклиф этиш имконига эга бўлган.

«Авваламбор, менга билдирилган юксак ишонч учун барчага миннатдорлик билдираман. Бундай нуфузли ташкилотда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, қитъада олимпия ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мен учун шараф. Тошкентда ўтадиган 2025 йилги IV ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш Янги Ўзбекистон учун жаҳон ҳамжамияти олдидаги жиддий синовлардан бири. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу мусобақани юқори савияда ташкил қилишга бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз», — деди Отабек Умаров.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, 16 декабрь куни Маскатда Осиё Олимпия кенгашининг Бош Ассамблеяси йиғилиши ўтказилади. Унда Отабек Умаров расман ООК вице-президенти сифатида иштирок этади. Ассамблея доирасида ООК ва Ўзбекистон томони ўртасида 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини Тошкентда ўтказиш бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтади.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

ООК Бош Ассамблеяси йиғилишида Ўзбекистон номидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Тошкент–2025 IV ёшлар Осиё ўйинлари дирекцияси директори Ойбек Касимов ва бошқалар иштирок этишмоқда.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Отабек Умаров Осиё Олимпия Кенгаши вице-президентлигига сайланиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Янгиликлар