«ОАВ очиқлиги бўйича танлаган йўлимиз, сўз эркинлиги бўйича сиёсатимиздан орқага қайтмаймиз» — Президент

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ҳокимлар, фаоллар ва ёшлар билан учрашувда давлат раҳбари Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсати ҳамда сўз эркинлигига оид масалаларга тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Оммавий ахборот воситалари очиқлиги бўйича танлаган йўлимиз, сўз эркинлиги бўйича сиёсатимиздан орқага қайтмаймиз. Бу албатта айримларга ёқмайди. Лекин айнан журналистлар, блогерлар жамиятимизда кўпчиликни қийнаётган жиддий муаммолар ҳақида бизни огоҳлантиряпти», — деб таъкидлайди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари тадбир давомида Юнусобод тумани фаолларидан бири томонидан ажримларни камайтириш мақсадида турмушнинг дастлабки йилларида ажрашишни қонун йўли билан тақиқлаш, телеканалларда намойиш этилаётган дастурлардан бирида қизларнинг ўзларини йигитларга тавсия қилиши кўрсатиладиган дастурни тўхтатиш таклифига давлат раҳбари батафсил жавоб қайтарган.

«Албатта, сизни тўғри тушуняпман, фарзандларимиз келажагини ўйлаб шу таклифларни айтяпсиз. Аммо ажримларни қонун йўли билан тўхтатишга уринсак, инсон ҳуқуқлари масаласи ўртага чиқади. Енгил-елпи теледастурларга келсак, уларни тўхтатиб ташлаш мумкин, лекин бу цензура дея баҳоланмайдими? Унинг ўрнига қандай кўрсатув яратилади? Нафақат нодавлат, балки давлат телеканалларида ҳам савиясиз дастурларга кўзим тушади. Биз уларни бутунлай тўхтатиш ҳақида эмас, савиясини ошириш ҳақида ўйлашимиз лозим», — дейди Президент.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сенат учун қурилаётган янги бинони кўздан кечиргани ҳамда Республика нефрология ва буйрак трансплантацияси тиббиёт маркази қурилиш ишлари билан танишгани ҳақида хабар қилинганди.