Шавкат Мирзиёев Сенат учун қурилаётган янги бинони кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь, жума куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, корхоналар фаолияти, хусусан, Сенат учун қурилаётган янги бино билан танишмоқда, дея хабар берди Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, шаҳар марказидаги Ислом Каримов кўчасида Олий Мажлис Сенати учун янги бино ҳозирланмоқда. Лойиҳага кўра, 6 қаватли эски бино тубдан реконструкция қилиниб, қўшимча объектлар қурилмоқда. Бугунги кунда муҳандислик тармоқлари монтаж қилиняпти. Давлат раҳбари шу борадаги ишларни кўздан кечирган.

«Олий Мажлис олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Шу боис, Сенатда доим иш «қайнайди». Юқори палатанинг ҳаёти муҳокама ва музокараларга бой. Хорижий делегациялар ҳам кўп ташриф буюради. Парламент назоратининг ўзи катта ва ўта муҳим вазифа», дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, янги бинода ана шундай барча жиҳатлар инобатга олиниб, сенаторлар учун замонавий шароитлар яратилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисини ўтказиш учун 280 ўринли зал ташкил этилмоқда. У миллий нақшлар билан безатилган, замонавий техникалар билан жиҳозланган бўлади.

Президент бу ерда қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берган.

«Парламентимиз фаол ишлаяпти. Мажлислар пайтида битта қонун лойиҳаси соатлаб муҳокама қилинади. Шунинг учун иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, саломатлиги, ёши билан боғлиқ ҳар бир жиҳатни эътиборга олиш, шунга яраша қулайлик яратиш зарур. Залга қуёш нури тушиб турса, кайфиятга, ишга яхши таъсир қилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот ўрнида, янги бинода делегациялар билан учрашувлар, матбуот анжуманлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳам барча шароитлар яратилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев йилига 50–60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлигини айтганди. Шунингдек, хўжалигидаги техникалар таннархини 30 фоизгача тушириш бўйича кўрсатма берганди.

Янгиликлар