Шавкат Мирзиёев йилига 50–60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлигини айтди

Шавкат Мирзиёев 13 январь куни машинасозлик тармоғини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, мазкур тармоқ мамлакат иқтисодиётининг етакчи йўналишларидан бўлиб, саноатдаги улуши 11 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, ҳисоб-китобларга кўра, ушбу соҳада ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш имконияти бор.

Бугунги кунда бир қатор компаниялар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва инвестициялар олиб кириш истагини билдирмоқда. Шу боис давлат раҳбари локализация даражасидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар учун бир хил шароитлар жорий этиш бўйича кўрсатма берган. Бунда, автомобилларни саноат усулида йиғиш, йилига 50—60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлиги таъкидланган.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда Хоразмда кузов деталларини тайёрлаш корхонаси, Андижонда 4 та, Навоий вилоятида 2 та маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишга туширилади. Кооперация платформаси доирасида 122 та хусусий корхона иштирокида яна 80 та детал ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади.

Таъкидланишича, мамлакатда барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. Йиғилишда шу масалага эътибор қаратилиб, хорижий мутахассислар иштирокида «Ўзавтосаноат» фаолиятини трансформация қилиш офисини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.

Шунингдек, 1 июлга қадар тармоқ таркибидаги 40 та корхонани трансформация қилиш бошланади. Тармоқда рақобат муҳитини ривожлантириш учун компания таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23 та корхонани хусусийлаштиришга тайёрлаш лозимлиги қайд этилди. «Ўзавтосаноат»нинг асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган 14 та ташкилотдаги улушларини сотувга чиқариш вазифаси юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 4 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. Давлат раҳбарининг таътили Ўзбекистон ҳудудида ўтказилиши режалаштирилгани хабар қилинган. Аввалрқ Шавкат Мирзиёев таътилдан қайтиб, Марказий ҳарбий округ артиллерия бригадасини бориб кўргани ҳақида хабар берилган эди.