Қозоғистонда TikTok’га қарши чора кўриш талаб қилинди

Қозоғистонда сенат депутати Алишер Сатвалдиев TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларда салбий контентни тарқатишга чора кўришни талаб қилди.

Сенаторнинг сўзларига кўра, платформа фойдаланувчиларининг 75 фоизини 13 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади, ўртача ҳисобда 4-5 ёшли болалар TikTok’да кунига 75 дақиқа вақт сарфлайди.

“TikTok вояга етмаганлар маълумотларини сақлагани учун жаримага тортилмоқда, баъзи давлатларнинг талабига кўра, 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун кунига бир соатлик чеклов киритиш бўйича янги функциялар жорий этилмоқда.

13 ёшгача бўлган болаларга 30 дақиқагача чеклов киритилган, бу ота-онанинг рухсати билан бир соатгача узайтирилиши мумкин. Айрим давлатлар ўз ҳудудларида бу платформани бутунлай блоклаб қўйган”, — дейди Сатвалдиев.

Депутатнинг фикрича, TikTok бола ёки ўсмир руҳиятига зарар етказиши мумкин бўлган контентни кўрсатади.

“Кўтарилаётган масала ёш авлод тақдирига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, шошилинч чоралар кўриш зарур, деб ҳисоблаймиз. TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларда администрация томонидан миллий қонунчилик талабларига риоя қилиш ва вояга етмаганларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан текширувлар ўтказилиши муҳим. Аниқланган камчиликлар юзасидан халқаро тажриба асосида тегишли чоралар кўрилсин”, — деб таъкидлади у.

Янгиликлар