Сардобада сенаторларга талафот учун ажратилган 40 млн сўмни олмаганини айтган оилаларга пуллар аввалроқ тўлаб берилгани маълум бўлди

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурханов бошчилигидаги сенаторлар гуруҳи айни пайтда Сирдарё вилоятида бўлиб турибди. Парламент юқори палатаси аъзолари Сардоба сув омборидан сув тошиши оқибатида талафот кўрган фуқаролардан келган мурожаатлар ҳамда тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганмоқда, деб хабар беради Сенат матбуот хизмати.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Маълум қилинишича, сенаторлар Т.Мадумаров ва Ф.Боқиев Оқолтин туманида бўлиб, аҳолининг мурожаатларини жойида ўрганган. Фуқаролар томонидан Сардоба сув омбори техноген фалокатидан зарар кўрган хонадонлар таъмири, уй-жой таъминоти каби масалаларда ёрдам сўралган. Уларнинг аксариятини ижобий ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Таъкидланишича, халқ депутатлари Оқолтин тумани кенгашининг 23 майдаги қарори асосида Сардоба сув омборида юз берган техноген фалокатдан талафот кўрган хонадонларни ўрганиш бўйича депутатлар ва масъул ташкилот раҳбар ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Улар томонидан барча маҳаллаларда ўрганиш олиб борилган.

Жумладан, айрим мурожаат йўллаган фуқаролар хонадони туман ҳокимининг ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан кўздан кечирилганда уларда талафот катта бўлмаганлиги учун хонадонлар яшашга яроқли деб топилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Бундан ташқари, С.Aбдуллаев, З.Холбўтаева, Т.Aбдуллаева сув тошқинида Оқолтин тумани «Шодлик» маҳалласидаги уйи бузилиб кетгани, давлат томонидан ажратилган 40 миллион сўм берилишида амалий ёрдам сўраган ва яшаш учун янги уйлардан ажратилмаганлигидан норози бўлиб мурожаат йўллаган.

Хабарда айтилишича, сенаторлар ариза муаллифларининг яшаш хонадонини ўрганган. Натижада уй эгасига давлат томонидан 40 миллион сўм маблағ ва маиший техникалар учун сертификат ажратилганлиги маълум бўлган. Шунингдек, бузилган уйнинг ер майдони хонадон эгасига қолдирилиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйларни бериш комиссияси таркиби энди тузилиши ва бузилган хонадонларга тўлиқ тарқатилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Aввалроқ Сардобадаги 1826 та уйда таъмирлаш ишлари 97 фоизга бажарилгани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Сардоба фожиаси юзасидан 9 киши қамоққа олингани маълум қилинган.

Янгиликлар