Бухорода 7 ёшли қизни 4 ой мобайнида қийнаб, юз-қўлларини куйдирган эр-хотин энагалар суд қилинди

Бухоро шаҳрида 7 ёшли қизни онасидан хизмат ҳақини вақтида ололмагани сабабли 4 ой давомида мунтазам қийноққа солиб келган эр-хотинга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 2019 йилнинг cентябрь ойида қизнинг онаси ишлаш мақсадида Россияга кетган ва кетишидан олдин вояга етмаган 7 ёшли ва бир ёшли қизларини дугонасига қолдириб, эвазига ҳар ойда 200 доллар тўлашини айтган. Маълум қилинишича, дугонаси эри билан ижарада турган ва уларнинг тайинли иши бўлмаган.

Таъкидланишича, тайинли иши бўлмаган эр-хотин орадан бир неча ой вақт ўтгач, қизларнинг онаси келишилган пулни етказавермагани сабабли уларни ура бошлаган. Кейинчалик бу уриш, тепкилаш ва камситишлар одатий ҳолга айланган.

Шунингдек, энагалар 7 ёшли қизни Бухоро шаҳридаги ҳовлиларнинг бирига олиб бориб, унга тазйиқ ўтказган. Уни жисмоний қийноққа солиб, юзи, қўллари ва баданининг бошқа қисмларига қаттиқ жисмлар билан аямасдан урган. Ҳатто ошхонадаги газга қошиқ ва капгирни қиздириб, унинг юзи, қўллари ва баданига ёпиштирган. Оғриқдан бақирган қизни ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, унинг оғзини латта билан боғлаган ва қийноққа солишда давом этган.

Қайд этилишича, энага жиноий ҳаракатларини давом эттириб, совуқ ҳавода қизни ҳовли ўртасидаги дарахтга боғлаб қўядиган одат чиқарган, унинг устидан совуқ сув тўкиб, томоша қилган. 7 ёшли қиз азобларга чидолмай, бақириб йиғлаган пайтда оловда қиздирилган чойнак билан унинг билакларини, жағ соҳаси, ияги ва қулоғи атрофларини куйдирган.

Хабарда айтилишича, унинг эри турмуш ўртоғини тўхтатиш ўрнига, унга қўшилиб, қизалоқнинг юз қисмига мушти билан урган, ошхона пичоғи билан унинг қорин соҳасини кесиб, тан жароҳати етказган. Уни даволатиш чорасини ҳам кўрмагани сабабли жароҳат ўз ҳолича чандиқ яра бўлиб битган.

Маълум қилинишича, эр-хотин қизни онаси яшайдиган уйга олиб келиб, кўп қаватли уйнинг зинапоясидан итариб юборган. Овозни эшитган қўшни чиқиб қараганида қўшнисининг қизи ерда ётган бўлган. Қўшни уй шароитида қизга биринчи ёрдамни кўрсатиб, уни шифохонага олиб борган.

Шунингдек, у қизларнинг онасига қўнғироқ қилиб, ҳолатни тушунтирган, зудлик билан етиб келмаса, қизларини болалар уйига топшириб юборишини айтган. Уларнинг онаси эса қўшнисига ишонмай, фарзандлари ишончли қўлда эканлигини айтган. Шундан сўнг қўшниси қизларнинг тан жароҳатларини расмга олиб, онасига юборган.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали хулосасига кўра, вояга етмаган 7 ёшли қизга чап елка суяги пастки қисмининг тепача орқали синиши ва қўл синиши ташхиси қўйилган. Бундан ташқари, олиб борилган суд-тергов ишлари жараёнида эр-хотин энагалар қизга нисбатан бош мия чайқалиши билан давом этган ияк, чап томон пастки жағ, юқори ва пастки лаб шиллиқ қаватларидаги шилинмалар, ўнг билак кўкрак орқа ва олд юзасидаги, чап курак, бел соҳасидаги шилинмалар, ўнг қўл кафт орқа юзасидаги куйиш кўкрак олд юзасидаги яра каби соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган тан жароҳатлари етказгани, вояга етмаган шахсни қийнаш жиноятини содир қилганига аниқлик киритилган. Шунингдек,, қиз тўрт ой давомида қийноққа солиб келинган.

Суд эр-хотин энагаларни Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан айблаб, 110-модда 2-қисми (Қийнаш) санкцияси доирасида уларга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда ўз аёлини тепкилаб калтаклаган фуқарога жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Қўқонда танишини пичоқлаган икки шахс қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар