Самарқандда ўз аёлини тепкилаб калтаклаган фуқарога жиноят иши қўзғатилди (видео)

Ижтимоий тармоқларда 22 август куни эркакнинг ўз аёлини тепкилаб, калтаклаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, воқеа иштирокчиларининг шахси аниқланди. Бу ҳақида «Tez News» мухбири хабар бермоқда.

Суриштирув натижасида, жабрланувчи аёл Самарқанд шаҳар Термиз кўчасида яшовчи 1995 йилда туғилган М. эканлиги маълум бўлган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Аниқланишича, М. турмуш ўртоғи 1985 йилда туғилган Ш. билан 2012 йилда шаръий никоҳдан, 2015 йилда ФХДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтиб яшаб келган. Ўрталаридаги оилавий келишмовчиликлари сабабли М. Ш. томонидан калтакланиб, қийноққа солиниб келинган.

М. турмуш ўртоғи, жабрланувчи аёлни 2020 йилнинг 20 август куни сабабсиз, турли баҳоналар билан яшаётган уйида уни аёвсиз уриб, оёқлари билан турли жойларига тепиб, тан жароҳати етказган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда М. ва унинг икки нафар фарзандлари Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан ҳимояга олиниб, ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан «Ҳимоя ордери» берилди. Малакали психологларни жалб қилган ҳолда фарзандлари ва ўзига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Аёлни калтаклаган Ш.га нисбатан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

«Tez News» мухбирининг олиб борган суриштирувига кўра, Ш.нинг отаси ўз вақтида Самарқанд шаҳридаги «Сиёб» бозорида раҳбар бўлиб ишлаган. Узоқ йиллардан буён мунтазам калтакланиб келинган М.нинг масалалари бўйича, на маҳалла, ва на ҳокимлик бирор бир чора кўрмаган. Масала ижтимоий тармоқда тарқалганидан сўнг ИИБ ходимлари бир кун ичида жабрланувчи аёлни ҳимояга олиб, Ш. га нисбатан жиноят иши қўзғатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ургутда калтакланиб, уйдан чиқариб юборилган аёл тасвирланган видео юзасидан расмий баёнот берилан эди.

Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан шу йилнинг биринчи чорагида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 233 таси яраштирилгани маълум қилинди.

Янгиликлар