Наманган шаҳрида «Cobalt» ҳайдовчиси 17 ёшли велосипедчини уриб юборди
Наманган вилояти Наманган шаҳрида 4 октябрь куни соат 08:30 ларда «Cobalt» ва велосипед иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Наманган шаҳридаги Н.Убайдуллаев кўчасида Тошкент вилоятида яшовчи 57 ёшли фуқаро «Cobalt» русумли автомашинасини бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Оқибатда йўлни кесиб ўтаётган велосипедчи, Наманган шаҳрида ота-онаси қарамоғида яшовчи 17 ёшли болани уриб юборган. Оқибатда велосипедчи умуртқа суягининг ёпиқ синиши ташхиси билан тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ушбу ҳолат бўйича шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 12 октябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Наманган туманида «Cobalt» ҳайдовчиси 4 ёшли болани уриб юборгани, Норин туманида «Nexia» дарахтга бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи шифохонада вафот этгани хабар берилган эди.