Ўзбекистон шахмат федерацияси билан иқтидорли шахматчилар ўртасида юзага келаётган муаммоли ҳолат бўйича изоҳ берилди

Ўзбекистонлик иқтидорли шахматчилар билан мамлакат шахмат федерацияси ўртасида юзага келаётган муаммоли ҳолат бўйича Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги изоҳ берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, ўзбекистонлик иқтидорли шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2020 йилдан бошлаб халқаро мусобақаларда АҚШ номидан иштирок этишга қарор қилганлиги, ўз навбатида дунёнинг энг ёш гроссмейстерларидан бири, турли ёш тоифаларида 6 карра жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоровнинг Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан шахматчиларга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгармаса, ўз федерациясини алмаштириши мумкинлиги ҳақида берган интервьюси ҳам жуда кўплаб юртдошларнинг эътирозларига сабаб бўлган.

Таъкидланишича, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мавжуд вазиятни ўрганиш ва муаммога адолатли ечим топиш мақсадида Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан учрашган. Унда Гулруҳбегимнинг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлгани, истеъдодли шахматчи Ўзбекистон терма жамоасига қайтарилиши, халқаро майдонларда мамлакат байроғини ҳимоя қилишга тайёрлиги каби масалалар ҳам муҳокама қилинган.

Шунингдек, шахматчилардан бири Жавоҳир Синдоровнинг бобоси Комил Синдоров ва яна бир қанча шахмат мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг дарди тинглангани қайд этилган. Шахматчиларнинг оиласи ва Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ўзаро муносабатлари ўрганилган. «Таъкидлаш керак, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Жавоҳир Синдоров каби умидли спортчи ёшлар Ҳукуматимиз ва халқимизнинг доимий эътиборида», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистондаги барча мактабларда «Шахмат синфлари» очилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар