Мактаб ўқувчилари учун сенатор стипендияси жорий этилади

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов томонидан мактаб ўқувчилари учун сенатор стипендияси таъсис этилди. Бу хақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Айтилишича, Н.Абдуллаханов маҳаллий кенгаш депутатлари, халқ таълими бошқармаси масъуллари билан бирга Наманган шаҳридаги 46-сонли умумтаълим мактабида ўрганиш олиб борган. Сенатор ўқувчиларга яратилган шароитлар, камчилик ва муаммолар билан танишган.

Шунингдек, депутатлар, мутасадди, ўқитувчилар ва ота-оналар билан маслаҳатлашиб, мактабда «оналар соати» ташкил этилган. Унда оналар бевосита дарс жараёнларини кузатиши, фарзандининг ўзлаштириши, мутахассислар малакаси, таълим сифатидан бохабар бўлиши мумкин. Таъкидланишича, бу амалиёт Ўзбекистонда илк бор синов тариқасида шу мактабда жорий этилган.

Бундан ташқари, малакали ўқитувчиларнинг бешта фандан бепул тўгараклар ўтиши йўлга қўйилган.

Хабарга кўра, Қўмита раиси ўринбосари мазкур мактаб ўқувчилари учун «сенатор стипендияси»ни таъсис этган. Ҳар ой мактабнинг 10 нафар ўқувчиси ушбу стипендияга эга бўлиши мумкин.

Янгиликлар