Электр энергияси нархлари ва генерацияси ҳақида маълумот берилди

Электр энергияси учун нарх ошганидан ҳамма хабардор. Аммо, бу нархлар нима учун айнан шунча, ўзи «свет» нархи неч пул бўлиши керак? Шу саволларга жавоб излаб сешанба кечасини анализ билан ўтказдим, ва қисқача ҳисоботим билан бўлишаман, деб ёзди X (Twitter) тармоғида илмий тадқиқотчи Сарвар Толипов.

Аввал, янги тарифлар билан танишиб ўтсак. Gazeta.uz нашрига биноан, кўп қаватлик газсиз уйларда 200–1000 kWh орасидаги истеъмол учун 1 kWh учун 450 сўм. Қолган истеъмолчилар учун айнан ўша миқдор учун 900 сўм белгиланган.

Энди, мени биринчи қизиқтирган савол: қўшниларимизда нархлар қандай? Минтақадаги энг арзон электр энергияси қўшни Қирғизистонда экан — 700 kWh гача 142 сўм, ва ундан тепаси 307 сўм. Тожикистонда 1 kWh учун 347 сўм, Қозоғистонда эса 980 сўм. Туркманистондан аниқ бир маълумот йиға олмадим.

Хўп, қўшниларимиздаги нархларни билдик, аммо, барчамизни иқтисодий аҳволимиз ҳар хил. Шунинг учун, аҳоли жон бошига YIM бўйича биз билан бир хил давлатлардаги электр энергияси нархларини кўриб чиқдим. Эслатиб ўтсам, бизнинг YIM аҳоли жон бошига $2670 ташкил қилар экан (манбаа IFM).

Жон бошига YIM бўйича яқин давлатларда 1 kWh учун нархлар (манбаа: globalpetrolprices):

— Кенияда — 2736 сўм;
— Нигерияда — 250 сўм (х3 Май ойида);
— Никарагуада — 2219 сўм;
— Ҳиндистонда — 979 сўм;
— Конго ДРда — 756 сўм;
— Кот-д’Ивуарда — 1489 сўм.

Тепадаги рўйхатдан кўрганимиздек, Ўзбекистондаги нархлар энг арзонлардан бўлиб келган. Янги нархларни ҳиссобга олганда, бизда ҳалигача электр нархлари пастки гуруҳда қолади. Албатта, электр энергиясини генерацияси ҳар давлатта ҳар хил, ва барча омилларни ҳиссобга олиш қийин. IMF маълумотларига биноан, ўртача дунёдагик kWh нархи 2024 йилда 1800 сўмни ташкил қилар экан, яъни биз дунёдаги ўртача нархдан ҳали ҳамон икки баробар арзонроқ.

Келинг, халқаро энергетика агентлиги тақдим қилган электр энергияси генерасиясининг нархларига мурожаат қилсак (medium of levelized cost of electricity with 7% discount):

— Кўмир: kWh учун 1115.11 сўм;
— Газ: kWh учун 899.69 сўм;
— Ядро: kWh учун 874.35 сўм;
— Ядро LTO: kWh учун 418.17 сўм;
— Шамол (материктаги): kWh учун 633.58 сўм;
— Гидроэлектр (дарё): kWh учун 861.67 сўм.

Worldometer манбаага кўра Ўзбекистон 79 фоиз электр энергиясини табиий газдан, ва 21 фоизини ГEСлардан олар экан. Юқоридаги нархларни инобатга олиб ҳиссобласак, ўртача бир kWh учун таҳминан 891 сўм тўғри келар экан. Демакки, янги ўрнатилган тарифлар адекват ва осмондан олинган эмас (манбааларга ишинсак ҳар ҳолда).

Энди генерация масалисга келсак. Минтақадаги энг кўп генерасия қиладиган уч давлатлар (IEA):

— Қозоғистон — 115078 GWh;
— Ўзбекистон — 71363 GWh;
— Озарбойжон — 27887 GWh.

Ўртача, 1 миллион жон бошига:
— Қозоғистон — 5871 GWh;
— Озарбойжон — 2750 GWh;
— Ўзбекистон — 1982 GWh.

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистон минтақадаги аҳолиси энг кўп бўлган давлатлигига қарамай, Қозоғистон ва Озарбойжондан кам электр энергияси генерация қиламиз.

Ҳозирги кунда, энергетия хавфсизлиги ва барқарорлиги давлатлар иқтисодий ривожининг гаровидир. Ўзбекистон шароитида генерацияни қандай қилиб кўпайтириш мумкин, ва генерасияни ошириш нархларга қандай таъсир кўрсатади?

Бизнинг иқлим шароитларда, энг катта ресурс бу қуёш энергияси. Юртимиз қуёш энергияси потенциали бўйича минтақа лидерларидан. Аммо, бу фақат қуёш панеллари билан кифояланадиган тадбир эмас. Қуёш энергиясини сақлаш ва тармоққа тарқатишни ўз спецификаси бор. Ундан тунда ҳам фойдаланиш учун катта қувватлик литий-ион батареялар керак бўлади. У батареялар ўзига хос парваришни талаб этади.

Боз устига, минтақамизда шамол энергиясини ривожлантиришга катта потенциал ҳам бор. Юқорида кўрсатилган нархларга асослансак, шамол энергияси бизга арзон ва муқобил электр энергиясини генерация қилишга йўл беради.

Янгиликлар