Нукусда иш ҳақини ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсиб чиқди

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида жамоат ишларига жалб қилиниб, ҳақи берилмаган бир гуруҳ аёллар  йўлни тўсиб чиқди. Бу ҳақда «Makan.uz» хабар қилди.

Фото: «Makan.uz»

Маълум бўлишича, йўлни тўсиб турган аёллар 2020 йил ноябрь ойи давомида жамоат ишларига жалб қилинган. Аммо уларнинг иш ҳақи тўлаб берилмаган. Улар пулини ололмагач, Нукус шаҳри Бандликка кўмаклашиш маркази олдида тўпланишган.

Шунингдек, хабарда Нукус шаҳри ҳокимиятида фуқаролар билан учрашув ўтказилаётгани, музокаралар олиб борилаётгани ва уларга ойликларини тўлаб бериш масаласи кўриб чиқилаётгани айтилган.

Бундан ташқари, аёллар йўлни тўсиб тургани акс этган расм эълон қилингандан сўнг нашрга ҳокимиятдан мурожаат қилинган. Мурожаатда хабарни олиб ташлашни сўралганлиги маълум қилинган.

Нашр ҳодиса суратини ўчириш, ойликлари тўланмаган фуқароларнинг мурожаатини эътиборсиз қолдириш масаланинг ечими бўлмаслигини таъкидлаган.

Аввалроқ Бухоро туманида газ муаммоси сабаб аҳоли норозилик намойиши уюштиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қоракўл тумани аҳолиси ҳам газ сабаб йўлни тўсиб қўйгани хабар қилинган.

Янгиликлар