ДХХ Сурхондарёда Суриядаги жангариларга қўшилишни режа қилган 21 ёшли йигитни ушлади

Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида Суриядаги жангариларга қўшилишни режа қилган 21 ёшли йигитни қўлга олди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш жараёнида террорчилар таъсирига тушиб, келгусида Суриядаги жангарилар лагерига қўшилишни режалаштирган йигит аниқланган.

Қайд этилишича, у Жарқўрғон туманида яшовчи 2001 йилда туғилган Р.И. бўлиб, ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда қўлга олинган. Тадбир давомида унга тегишли бўлган телефон аппарати текшириб кўрилганда, Telegram мессенжеридаги аккаунти орқали Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий Абу Салоҳ, Рашод Қори каби «жиҳодчилар» ғояларининг тарғиботчилари билан алоқаси борлиги аниқланди.

Бундан ташқари, у «Ўзбекистон ислом ҳаракати» халқаро террорчилик ташкилотига тегишли «Жундуллоҳ» медиа марказининг «Амжад медиа» нашидалари, Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти раҳнамоси Абу Салоҳнинг жиҳодга чорловчи маърузаларини яқин танишларига тарқатиб келаётгани аниқланиб, видеотасвир орқали прецессуал тартибда расмийлаштирилган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар