Ўзбекистонда божхоначиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади

Шавкат Мирзиёев ҳузурида божхона маъмурчилиги бўйича йиғилиш бошлангани ҳақида хабар берилганди. Унда давлат раҳбари тизим ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чора-тадбирларини белгилаб берди.

Унга кўра,

  • Олот, Гулистон, Термиз ва бошқа ҳудудлардаги олис постларда ишлайдиган ходимлар учун хизмат уйлари барпо этилади;
  • 2022 йилда уй-жойга эҳтиёжи бор 100 нафар ва ҳар йили камида яна шунчадан ходим имтиёзли ипотека билан таъминланади;
  • божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилади.

Йиғилишда бугунги кунда божхона органларида аёлларнинг улуши 8 фоизни ташкил этиши айтиб ўтилган. «Соҳада адолат, ҳалоллик ва тартибни жорий қилишни хоҳлар эканмиз, тизимга аёл ходимларни жалб қилиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишимиз шарт», — деган давлат раҳбари. Шу муносабат билан келгуси икки йилда аёллар улушини камида 2 баробарга ошириш бўйича ишларни ҳозирдан бошлаш вазифаси қўйилган.

Мажлисда, шунингдек, соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплиги қайд этилган. Президент имзолаган қонунга кўра, божхона органларининг ваколатлари кенгаяди.

80 фоиз товар кириб келадиган 22 та асосий постни 3D-сканер, рентген аппарати, видеокузатув камераси, сервер, транспорт тарозиси каби ускуналар билан жиҳозлаш топшириғи берилган. Ушбу мақсадлар учун 370 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, темир йўл орқали келадиган товарлар бўйича маълумотларнинг электрон алмашинувини йўлга қўйиш вазифаси қўйилган. Тегишли мутасаддиларга халқаро жўнатмалар бўйича ахборот алмашиш тизимини жорий этиш топширилган.

Янгиликлар