Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган қўшимчаларга кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат чегараси режимини бузиб ўтганда (224-1-модда) қўлланган жаримани тўламаса, Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилади. Илгари жарима тўлашидан қатъи назар, мамлакатдан чиқариб юборилган.

Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилганда кейинчалик кириш ҳуқуқи чекланиш муддатини қўллашга аниқлик киритилди. Шунга кўра, давлат чегараси режимини биринчи марта бузиб ўтганда 1 йил, иккинчи марта содир этилганда 3 йил муддатда кириш ҳуқуқи чекланади.

Қонун билан, бундан ташқари, қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари кўриб чиқиши белгиланди:

  • чегара зонасига, шунингдек, фуқароларнинг кириши ва бўлишида вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш ҳамда уларда яшаш қоидаларини бузиш (224-модда);
  • Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш (224-1-модда 1-қисми).

Маълумот учун, маъмурий тарзда чиқариб юбориш жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланади.

 

Янгиликлар