Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига 100 фоизгача махсус ойлик устамалар тўланади

Ўзбекистонда 2022 йил 1 июндан тиббиёт ходимларига 100 фоизгача махсус ойлик устамалар тўланади.

Маълум қилинишича, Президент томонидан имзоланган «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра:

Давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича гуруҳларидан қатъи назар барча тиббиёт муассасаларида Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларининг:

  • камида 75 фоизи ходимларни моддий рағбатлантиришга,
  • кўпи билан 25 фоизи тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини ривожлантириш, модернизация қилиш ва таъмирлаш учун йўналтирилади.

Бунда:

  • ходимларни моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар муассасанинг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизгача ойлик устамалар;
  • янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар;
  • оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамширалар лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилади.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокор-хирурглар лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида қўшимча устама жорий этилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасида ва меҳнат фаолиятида илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.