Энди фоҳишалик билан шуғулланганлар гепатитнинг айрим турларига мажбурий текширилади

2022 йил 1 сентябрдан фоҳишалик билан шуғулланган шахслар гепатитнинг айрим турларига мажбурий скрининг текширувидан ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 16 май куни қабул қилинган «Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 ноябргача жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилади.

Жорий йил 1 июлдан:

  • ҳар йили республика аҳолисини гепатит «В» ва «C» турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, ПЗР текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит «C» тури билан касалланган беморларни даволаш 10,5 минг  нафаргача етказилади;
  • ҳар йили кенг тарқалган вирусли инфекциялар муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга танловлар асосида маблағлар ажратилади;
  • Вирусология илмий-тадқиқот институтида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг (донорларнинг) қон плазмаси банки яратилади;
  • нодавлат тиббиёт ташкилотлари қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимлар гепатит «В» инфекциясига қарши эмланади.

Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан фоҳишалик билан шуғулланган (МЖТК 190-моддаси) шахсларга нисбатан жавобгарликни белгилаш билан бирга уларни ўз ҳисобидан гепатитнинг «В» ва «C» турларига скрининг текширувларидан ўтказиш тартиби амалга киритилади.

Бундан ташқари мазкур қарорга мувофиқ, 2022–2023 йилларда эпидемиологик кўрсатмага мувофиқ, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги 119 016 нафар ходимнинг  гепатит «В» инфекциясига қарши эмланиши назарда тутилган. Жорий, 2022 йилда шундан 47 605 нафари гепатит «В» инфекциясига қарши эмланади.

2024 йил 1 январдан нодавлат тиббиёт ташкилотларида қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимлар гепатит «В» инфекциясига қарши эмланган бўлиши ҳамда Реестр юритиши талаб этилади.