Андижонда 200 та маҳаллага 400 миллиард сўм ажратилади- Шавкат Мирзиёев

18 июнь куни Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилояти фаоллари билан йиғилишида вилоятидаги 200 та маҳалларда тадбиркорликни ривожлантириш учун 400 миллиард сўм маблағ ажратилиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Хабар берилишича, Андижон вилоятида 100 та маҳалла ҳалигача ўз ихтисослашув йўлини топмаган. 200 та маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун 400 миллиард сўм (ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўмдан) ресурс ажратилиши маълум қилинган.

«Вилоят ривожига кучли туртки берадиган янги «ўсиш нуқта»ларини шакллантириш ва тўлиқ ишга солиш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб олсак, айни муддао бўлади. «Маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш асосида, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Андижон намунасини яратиб, шу орқали вилоятни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришимиз зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, Шаҳрихон тумани, «Юзлар» маҳалласида 847 та хонадондан 721 тасида 1 сотихдан 30 сотихгача иссиқхоналар мавжуд. Избоскан тумани, «Гудур» маҳалласидаги 601 та хонадондан 265 таси сават ясаш билан шуғулланади.

Ҳар бир туман (шаҳар)га бириктирилган вазирлик ва хўжалик бирлашмалари, банклар ҳамда сектор раҳбарлари «маҳаллабай» ишлаш асосида, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун шахсан масъул бўлиши таъкидланди.

«Бу ишлардан кўзланган пировард мақсад — аҳоли бандлиги ва даромадини ошириб, вилоятда камбағалликни йўқотишга эришишдир», — деди президент.

Шунингдек, иқтисодий комплекс ва тижорат банклари барча ходимлари идорага кирмасдан уч ой ичида мазкур маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга кириб, аҳолининг турмуш шароити, истак-хоҳиши ва имкониятларини ўрганиб чиқиши белгиланди.

«Умуман тадбиркорлик қўлидан келмайдиган оилаларга 100 тадан товуқ берилади. Бундай тадбиркорларга банклар томонидан 3 йил муддатга 10 фоиздан кредит ажратилади ва улардан гаров талаб қилинмайди. Бу кредитлар учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кафиллик беради. Бу мақсадлар учун 200 та маҳаллага 400 миллиард сўм (ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўмдан) ресурс ажратамиз», — деди президент.

Қайд этилишича, бу ишларга Жамшид Қўчқоров (иқтисодий тараққиёт ва саноат вазири), Тимур Ишметов (молия вазири), Мамаризо Нурмуратов (марказий банк раиси), Адхам Икрамов (савдо-саноат палатаси раиси), Иброҳим Абдурахмонов (инновацион ривожлантириш вазири) ва тижорат банклари раҳбарлари масъул қилиб тайинланди.

Янгиликлар