Шавкат Мирзиёев Андижон Бош жоме масжидини бориб кўрди

Қуръон оятларидан тиловат этилиб, дуо қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарга кўра, бу жойда илк масжид 1870 йилда тикланган. Ҳозирги масжид қурилиши 2018 йилда бошланиб, шу йил май ойида якунланди.

Қайд этилишича, янги бино қадимий чор айвон ва чор дарвоза услубида барпо этилган. Унинг икки четида баландлиги 54 метрлик миноралар, асосий бинонинг тепа қисмида диаметри 18 метрли гумбаз қурилган.

«Бу даргоҳни барпо этишга ҳисса қўшган муҳандислар, қурувчи ва безакчилар, ҳомийларга миннатдорчилик билдираман. Масжид Андижон халқига муборак бўлсин, узоқ йиллар халқимизга хизмат қилсин», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ҳамма жойларда муқаддас зиёратгоҳларни обод қилиш, янги масжид ва маърифат марказлари қуришга эътибор қаратяпмиз. Бундай хайрли ишларни давом эттирамиз. Мўмин-мусулмонлар бу ерга келиб, ибодатларни эмин-эркин бажариб, шукроналик билан халқимизни дуолар қилса, нур устига нур», — деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Андижонга жўнаб кетди деб хабар берган эдик.

Янгиликлар