Ўзбекистонда давлат мактаблари ва боғчаларининг очилишига тайёргарлик кўрилаётганлиги маълум қилинди
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов 18 август, сешанба куни Ўзбекистонда давлат мактаб ва боғчаларининг очилишига тайёргарлик кўрилаётганлигини маълум қилди.
Таъкидланишича, айни кунларда Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида амал қилувчи санитария меъёрлари ишлаб чиқилмоқда. Мазкур меъёрлар Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда барча томонидан бажарилиши бирдек мажбурийлиги белгилаб қўйилади.
«Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ўз фарзандларимиз таълим олишади. Бу масалада эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар кўп. Ишлаб чиқилаётган тадбирлар шунчаки ҳисобот учун эмас, балки фарзандларимизни ижтимоий ҳаётга тезроқ қайтариш, карантин шароитида уларнинг руҳиятида кузатилган ўзгаришларни бартараф қилиш, улар қатнайдиган муассасаларда коронавирус тарқалишига имкон қадар тўсқинлик қилишга қаратилган чоралар белгиланиши лозим», — дейди Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов.
Cанитария меъёрлари ишлаб чиқилиб, мажбурий этиб белгилангандан кейин мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларига фаолиятини бошлаш учун рухсат берилади, дейилади хабарда.
Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги мактаблар қачон очилиши маълум бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этгани, шунингдек, Ўзбекистонда 15 августдан нодавлат мактаблар ва боғчалар фаолиятига рухсат берилгани ҳақида хабар берилганди.