Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Нукусда йўлни тўсиб қўйган аёллар иши бўйича баёнот берди

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида жамоатчилик ишларида ишлаб келган аёллар автомобиль йўлини тўсиб тўсиб чиққани хабар қилинганди. Ушбу ҳолат бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги баёнот берди.

Фото: «Makan.uz»

Хабар қилинишича, вазирлик томонидан тезкор ўрганиш ўтказилган. Аниқланишича, 2020 йил ноябрь ойида «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган камбағал оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида Нукус шаҳрида 1184 нафар ишсиз фуқаро қўшимча равишда маҳалла фуқаролар йиғинлари буюртмасига асосан жамоат ишларига жалб этилган ва уларга 817 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланган.

Таъкидланишича, ҳозирги кунга кадар фуқароларга 226 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилган, қолган 591 миллион сўм маблағ Нукус шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 18 декабрь куни тўлиқ тўлаб берилади.

Бундан ташқари, иш берувчи томонидан жамоат ишларида бажарилган иш ҳажми тўғрисида далолатнома ва жамоат ишига қатнашганлигини тасдиқловчи қайднома тақдим этилганидан сўнг аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан кўриб чиқилиб, жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча маблағлари молиялаштирилиб берилади.

Шунингдек, хабарда ўрганиш якуни билан айбдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилиши, маблағлар тўлиқ тўлаб берилгани ва айбдор мансабдор шасхларга чоралар кўрилганлиги тўғрисида кўшимча маълумот берилиши айтилган.

Аввалроқ Нукусда иш ҳақини ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсиб чиққани ва Қоракўл тумани аҳолиси ҳам газ сабаб йўлни тўсиб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухоро туманида газ муаммоси сабаб аҳоли норозилик намойиши уюштиргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар