Андижонда бино ертўласида ноқонуний «Лотто» қимор ўйинини ташкил қилган шахс қўлга олинди

Андижон вилояти Избоскан туманида икки қаватли нотурар бинонинг ертўласида фуқаро К.Х. ноқонуний «Лотто» қимор ўйинини ташкил қилганлиги аниқланди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Фото: Xs.uz

Хабарга кўра, 4 январь куни соат 16:00 да Избоскан тумани «М.Улуғбек» МФЙда жиноятчилик ва қурол билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши тезкор тадбир ўтказилган.

Шундан сўнг, фуқаро К.Х. ва бошқа 18 нафар фуқаро иштирокида 1000 сўмдан пул тикиш йўли билан, таваккалчиликка асосланган қимор ўйинини ташкил этаётганлиги маълум бўлган.

Таъкидланишича, бино ичида бўлган 1 дона микрофон, 1 дона овоз кўтаргич, 240 дона рақамли доска, 2 дона халтага жойланган 1 дан 90 гача бўлган 180 дона ёғочдан ясалган рақамли тошлар, 280 дона рақам белгилаш учун мўлжалланган ёғоч бўлакчалари ва даврада бўлган  12 дона 1000 сўмлик ҳамда 1 дона 5000 сўмлик купюрадаги пуллар далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ЖКнинг 278-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар