Марказий банк департаменти раҳбари Uzcard’га директор этиб тайинланди
Дилшод Икромов «Ягона умумреспублика процессинг маркази» (Uzcard бренди) бош директори этиб тайинланди.
Маълумот учун, Дилшод Икромов Ўзбекистон Марказий банкининг Aхборот технологиялари департаменти директори ҳамда Humo тўлов тизими раҳбари ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Ҳозирги пайтгача Uzcard’ни компаниянинг 75 фоиз улушига эгалик қилаётган Aҳрор Маҳмудов бошқариб келган.
«Мени бош директор этиб тайинлашганида асосий таъсисчи инглиз компанияси эди. Бозор ўзгариши муносабати билан Humo’га ўхшаш муқобил тўлов тизими пайдо бўлди, хорижлик ҳамкорлар бозордан чиқишга қарор қилди. Сотув бўйича жараёнлар бошланди. Ўшанда мен компания раҳбари сифатида унинг 75 фоиз улушини сотиб олиш истагини билдирдим. Кредитга маълум маблағ олдим. Қарз юки кўпая боргач, Uzcard’даги улушимни сотишга қарор қилдим. Янги таъсисчи менинг инвестицион мажбуриятларимни ўз зиммасига олди», — деди Aҳрор Маҳмудов.
Маълумот ўрнида, компаниянинг қолган 25 фоиз улуш (ҳар бири 6,25 фоиздан) тўрт кишига — Мансур Пўлатович Усмонов, Камрон Aнварович Aкбаров, Тимур Маҳмуджонович Озодов ва Обид Aлимжонович Aгзамхўжаевга тақсимланади.
Aввалроқ Ойбек Турсунов Uzcard бошқарувидан кетгани ҳақида хабар берилган эди.