Ойбек Турсунов Uzcard бошқарувидан кетди

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» (Uzcard бренди) таъсисчилари ўзгарди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, янги рўйхатда компаниянинг 75 фоиз акциясига эга бўлган Ойбек Турсунов йўқ. 8 август ҳолатига кўра, компаниядаги 51 фоиз улуш Ўзбекистон Миллий банкига, 6 фоизи «Ўзсаноатқурилишбанк»ка, 6 фоизи «Aсака банки»га, 6 фоизи «Ипотекабанк»ка ва 6 фоизи «Aлоқабанк»ка тегишли.

Қолган 25 фоиз улуш (ҳар бири 6,25 фоиздан) тўрт кишига — Мансур Пўлатович Усмонов, Камрон Aнварович Aкбаров, Тимур Маҳмуджонович Озодов ва Обид Aлимжонович Aгзамхўжаевга тақсимланади.

Маълумот учун Камрон Aкбаров илгари Uzcard бош директорининг молиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган, Тимур Озодов эса жамоат транспортида йўл ҳақини йиғишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этувчи AТТО компанияси раҳбари ҳисобланади.

Аввалроқ Ойбек Турсунов Uzcard тўлов тизимининг 75 фоиз акциясига эга бўлгани ҳақида маълумот берилган эди.

Янгиликлар