Тошкентда жамоат транспортларида нима сабабдан тиббий қўлқопда бўлиш талаби киритилгани айтилди

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси масъул ходимлари иштирокида Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 19 октябрь куни ўтказилган брифингда жамоат транспортида тиббий қўлқоп тақишнинг мажбурий қилиниши сабаби маълум қилинди.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Aнвар Жўраевнинг берган маълумотига кўра, бугунги кунда пойтахтда 129 та йўналишда мингдан ортиқ автобус ҳаракатланади. Ўртача автобусларда ташилаётган йўловчиларнинг сони 300 мингтани, метрополитенда 130 мингтани ташкил этади.

Унинг таъкидлашича, йўловчиларнинг коронавирус юқтириб олиш хавфи юқорилигини инобатга олган ҳолда ҳамда Россия, AҚШ тажрибаларини ўрганиб, 19 октябрь, душанба кунидан жамоат транспортининг барча йўловчиларига тиббий қўлқопда бўлиш мажбурияти киритилган. Aнвар Жўраев бундай талаб киритилишининг асосий сабаби касаллик юқтиришнинг хавфини камайтириш эканлигини маълум қилган.

«Ҳар бир йўловчи ўртача бир кунда 20—30 дақиқани транспортда ўтказади. Шу даврда йўловчиларга чиптачилар, ҳайдовчилар ҳамда метродаги касса ходимлари ва операторлар томонидан бепул бир марталик қўлқоплар тарқатилмоқда. Бундан ташқари, йўловчилар автобус ва вагондаги тутқичларни бир кунда мингдан ортиқ йўловчи ҳаракатланаётганини инобатга олган ҳолда қўлқопдан тўғри фойдаланиб, тутқичларни ушласа, касалликни юқтириш хавфини камайтирамиз. Шунингдек, ахлат қутиларининг қўлқопларга тўлиб кетишининг олдини олиш мақсадида метро станцияларидан чиқишда, вестебюлларда, автобус катта бекатларида чиқинди солинадиган қутиларнинг катталари жойлаштирилмоқда», — дейди Aнвар Жўраев.

Аввалроқ Тошкентда жамоат транспорти йўловчиларига тиббий қўлқопда бўлиш талаби қўйилгани хабар қилинган эди. Кейинчалик тиббий қўлқоплар йўловчиларга бепул тарқатилиши маълум қилинган.

Маълумот учун, АОКАда 2020 йил 16 август куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Шуҳрат Боймуродов иштирокида бўлиб ўтган брифингда COVID-19 инфекциясидан резинали қўлқоплар ёрдамида ҳимояланиш самара бермаслиги таъкидланганди.

Янгиликлар