Гонконгдан қочиб кетган вирусолог коронавируснинг сунъий яратилганини исботловчи ҳисоботни тақдим этди

Гонконгдан қочиб кетган вирусолог Янь Лимэннинг фикрига кўра, коронавирус Хитой лабораторияларида яратилган. У бир неча кун олдин бир қанча далилларни ўз ичига олган ҳисоботни нашр этди.

Фото: «РИА Новости»

Хитойлик вирусолог Янь Лимэн июль ойида «El Mundo»га берган интервьюсида ўзининг «COVID-19 ҳақидаги ҳақиқатлар» деб номланган мақоласини нашр этишини айтди. 14 сентябрь, душанба куни у 26 бетлик тадқиқотларга асосланган ҳужжатни эълон қилди.

Июль ойида хитойлик вирусолог Янь Лимен «El Mundo»га эксклюзив интервью берди. Интервью давомида у ўзининг «COVID-19 ҳақидаги ҳақиқат», яъни янги коронавируснинг сунъий яратилганлигини исботловчи далиллар билан илмий маъруза нашр этишини эълон қилди.

Янь Гонгконгдан апрель ойида қочиб кетган ва бир неча ой давомида ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган хитойлик олимлар гуруҳини бошқарган. 14 сентябрь куни у кутилган ҳисоботни эълон қилди. Ҳисобот 26 бетдан иборат бўлиб, «SARS-CoV-2 геномининг ғайритабиий хусусиятлари унинг табиий ривожланганини эмас, балки лабораторияда ривожланганини кўрсатмоқда» деб номланган. Ҳисоботда вирусолог йил бошида бошланиб, дунёга катта зарар етказган коронавирус Хитойнинг махфий лабораторияларидан бирида сунъий равишда ривожлантирилгани хақидаги исботларни келтирмоқчи.

Янь билан биргаликда яна уч нафар олим ҳисобот матнига имзо чеккан. Бундан ташқари, у беш йил олдин Хитойда турли хил жиноятларда айбланиб, АҚШга қочишга мажбур бўлган хитойлик магнат Го Веньгуй томонидан ташкил этилган Rule of Law Society томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Ушбу қўллаб-қувватловни АҚШдаги ўнг ҳаракатнинг муҳим фигураси бўлган, президент Дональд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Стивен Бэннон ҳам тақдим этган.

Нашр қилинган маълумотлар

Ҳужжат 14 сентябрь куни 7 йил олдин OpenAIRE дастури асосида ташкил этилган ва Европа Комиссияси кўмагида Европа ядро тадқиқотлари маркази (CERN) томонидан бошқариладиган Zenodo омборида нашр этилди. Унинг мақсади илмий ютуқларнинг алмашинуви ва тарқалишини рағбатлантиришдир.

«SARS-CoV-2 дунёнинг барча мамлакатларига даҳшатли таъсир кўрсатди ва унинг келиб чиқиши ҳанузгача зулмат ва зиддиятлар остида. Гарчи кўплаб олимлар ушбу вируснинг табиий келиб чиқиш назариясига қўшилган бўлсалар ҳам, у жиддий қўллаб-қувватланмади», — дея қайд этилган ҳужжатнинг кириш қисмида. Ҳисоботда «Nature» каби eтакчи илмий журналлар томонидан чоп этилган тадқиқотлар ҳам танқид қилинган.

«‘Nature Medicine’ журналига кўра, SARS-CoV-2 табиий шароитда пайдо бўлиши мумкин. Бироқ бутун дунё олимлари ушбу мақола ва унинг асосий хулосалари ҳақида баҳслашмоқдалар. Бундан ташқари, муаллифлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви бўлганлиги сезилиб турибди. Шунинг учун мақоланинг ишончлилигига шубҳа туғилади», — дейилади ҳисоботда.

Яннинг тадқиқотларига кўра, вируснинг келиб чиқиши тўғрисида маълумотларнинг етишмаслиги илмий нашрларни бошқарадиган цензурага ва нашрларни баҳолашда кузатиладиган асосий принципларга боғлиқ. Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, ушбу амалиёт вируснинг сунъий келиб чиқишига ишора қилувчи тадқиқотлар нима учун ҳали синовдан ўтказилмаганлигини ва нашрдан олдин бир босқичда тўхтатилганлигини тушунишга имкон беради.

«Вирусни лабораторияда ишлаб чиқиш мумкин эди, деган муқобил назария экспертлар журналларида қаттиқ цензурага учраган. Бироқ SARS-CoV-2 табиий зооноз инфекцияларига хос бўлмаган биологик хусусиятларга эга. Геномик, тузилмавий ва тиббий далиллар ҳамда илмий тадқиқотлар табиий келиб чиқиш назариясига зиддир», — дейилади ҳисоботда.

Унинг асосий хулосаси шундан иборатки, Ухань шаҳрида пайдо бўлган янги коронавирус «лаборатория тадқиқотлари натижаси бўлиб, улар ZC45 ва/ёки ZХC21 коронавирусларини асос қилиб олинган». Олимлар ўзларининг назариясини «учта далил қатори»га асослайди. Биринчисига кўра, «SARS-CoV-2’нинг геномик кетма-кетлиги шубҳали тарзда Чунцин Учинчи ҳарбий тиббиёт университети ва Хитойнинг Нанкин тиббиёт тадқиқот институти ҳарбий лабораториялари томонидан кашф этилган кўршапалаклар коронавируси кетма-кетлигига ўхшашдир».

Иккинчиси, вируснинг ҳужайраларга киритилишида муҳим роль ўйнайдиган компонент бўлган вирусли рецепторларни боғловчи мотив (RBM) «2003 йилдаги эпидемияни келтириб чиқарган SARS-CoV мотивига ўхшайди». «Геномик далилларга кўра, RBM вируси генетик жиҳатдан ўзгартирилган», дейилади хабарда.

Учинчи ва охирги далиллар S-протеин таркибидаги фуриннинг фаоллашувига тааллуқлидир. Ушбу гликопротеин ангиотензин конверсиялаштирувчи фермент 2 (АCE2) эшиги орқали мезбон ҳужайраларига киришнинг калитидир. «Бу вируснинг юқтириш қобилиятини сезиларли даражада оширади ва тўқима тропизмини кучайтиради. Ушбу синфга тегишли бўлган бошқа табиий коронавируслар фуринни фаоллаштира олмайди», дейилади хабарда. Олимлар бу табиий эволюциянинг натижаси эмас ва бундай хусусият сунъий равишда SARS CoV-2 геномига қўшилган, деган тахминни кўриб чиқмоқда.

Ҳисоботда, шунингдек, вирус мўлжалланган ривожланиш даври давомида бошидан кечирган синтетик жараён кўрсатилган. «Биз бундай коронавирусни олти ой ичида лабораторияда яратиш мумкинлиги тўғрисида далиллар келтирамиз», — дея таъкидлайди олимлар. Бундан ташқари, улар тез орада «кўршапалак коронавируси (Bat-CoV-RaTG13) нинг ёлғончилигини фош қилиш»га бағишланган ҳисоботининг иккинчи қисмини нашр этишга ваъда берди.

Янгиликлар