Ўктам Барноевнинг қандай касалликдан вафот этгани маълум бўлди
Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев инсультни бошдан кечирган. Бу ҳақда «Kun.uz» ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
«Kun.uz» манбасининг хабар беришича, Барноевда коронавирусдан даволаниб чиққанидан сўнг инсульт кузатилган. Шундан кейин у даволаниш ва бош миясида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Германияга олиб кетилган ва ўша ерда даволаниш вақтида оламдан ўтган.
Манба маълумотига кўра, айни вақтда Бухорода дафн маросимига тайёргарлик кўрилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам Бухорога бориши кутилмоқда.
Аввалроқ бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу хабарда марҳумнинг ўлими сабаблари маълум қилинмаган.
Шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида 30 июль куни бўлиб ўтган брифингда бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев коронавирусга чалингани маълум қилинганди. Бу хабарни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари Анвар Алимов ҳамда Ҳабибулло Оқилов тасдиқлаган.