Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев вафот этди

Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Darakchi.uz»

Аввалроқ Ўктам Барноевда COVID-19 қайд этилгани маълум қилинганди.

Маълумот учун, Ўктам Барноев 1964 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. 1997—2000 йилларда Бухоро вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2000—2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган. 2002—2004 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат мажмуасида етакчи мутахассис, 2004—2005 йилларда ҳукуматнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2005—2007 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмоли маҳсулотлари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида ишлаган. 2007—2008 йиллар давомида қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. 2008 йилнинг апрелидан 2010 йилнинг декабригача Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган Ўктам Барноев 2016 йилнинг декабрида Бухоро вилоятига ҳоким қилиб тайинланган. 27 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари Ўктам Барноев номзодини бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқлаш масаласини кўриб чиқди. Вафот этгунга қадар Ўктам Барноев бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимда ишлаб келаётганди.

Аввалроқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида 30 июль куни бўлиб ўтган брифингда бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев коронавирусга чалингани маълум қилинганди. Бу хабарни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари Анвар Алимов ҳамда Ҳабибулло Оқилов тасдиқлаган.

Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов 22 август, шанба куни коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган эди. Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг таъзия маросимида қатнашиш учун Бухорога борди ва марҳумнинг хонадонига бориб, яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирус оқибатларидан вафот этди. Аввалроқ 18 июль куни Муса Ерниязовнинг коронавирусга чалингани тасдиқланганди. Кейинчалик, Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир деб баҳоланаётгани ҳақида хабар берилди. Таъкидланишича, Жўқорғи Кенгес раиси ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган бўлган. 25 июль куни унинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тез орада бу хабарларнинг дастлабки манбаси сифатида кўрсатилган «Repost.uz» сайти хакерлар ҳужумига учрагани маълум бўлди ва сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида раиснинг 20 июль куни вафот этгани ҳақидаги бу хабар рад этилганди. Муса Ерниязов ўлими ҳақидаги фейк хабардан кейин Қорақалпоғистондаги сайтлар ходимлари прокуратурага олиб кетилгани хабар қилинди.

Янгиликлар