Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди

Коронавирусга чалинган Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 22 август, шанба куни вафот этди. Ушбу маълумотни «Tez News»нинг ҳукуматдаги манбалари тасдиқлади.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Аввалроқ 17 август, душанба куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Бухоро вилоятига ташриф буюргани, бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими Карим Камолов вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош вазир матбуот хизмати «Дарё»га Абдулла Арипов 17 август куни ҳақиқатан ҳам Бухоро вилоятида бўлганини, Бухоро вилоят ҳокимлиги эса бош вазирнинг ташрифи вилоят ҳокимининг аҳволи билан боғлиқ эмас — ҳукумат раҳбари бу ерда қишлоқ хўжалиги масаласида йиғилиш ўтказиб, қайтиб кетганини билдирган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг вафот этгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилганди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Карим Камолов Тошкентдаги шифохонада даволанаётгани ва унинг саломатлиги шифокорлар назоратидалигини хабар қилганди.

Ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари Олим Жўраевнинг «Дарё»га вилоят раҳбарининг аҳволи 16 август куни кечқурун оғирлашгани, аммо у ҳаёт эканлигини маълум қилганди.

«Ҳокимнинг яшаш манзилида бугун асфальтлаш ишларининг бошлангани бу таъзияга тайёргарликмас, ҳамма жойда қурилиш ишлари давом этяпти. Худди шунингдек, менинг ҳам кўчамда таъмирлаш бошланган. Бу таъзияга тайёргарлик, деганимас!», — деди Олим Жўраев.

Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев ҳокимнинг оила аъзоларига асосланиб, «Карим Жамолович Камоловнинг ўлими тўғрисидаги хабарлар ёлғон»лиги, унинг оила аъзолари Қудратхўжаевдан «журналистлар ва блогерлар фейк хабар тарқатмасликни сўрагани»ни маълум қилди.

Aввалроқ Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг коронавирусга чалингани, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов 11 август, сешанба куни бўлиб ўтган брифингда Бухоро вилояти ҳокимининг ҳозирги аҳволини маълум қилди.

«Aйни кунларда унинг саломатлигида ташвишли нарса йўқ, даволаниш давом этмоқда», — деган эди Рустам Икромов.

Маълумот учун, Карим Камолов Бухоро шаҳрини 1997—2011 йиллар давомида бошқарган. 2017 йилда у шаҳар ҳокими лавозимига қайтарилган.

Янгиликлар