Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этди. Aввалроқ унинг ўлими ҳақидаги хабар рад этилганди
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов 31 июль куни вафот этди. Бу ҳақда ЎзA хабар берди.
Aввалроқ 18 июль куни Муса Ерниязовнинг коронавирусга чалингани тасдиқланганди. 25 июль куни унинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тез орада бу хабарларнинг дастлабки манбаси сифатида кўрсатилган «Repost.uz» сайти хакерлар ҳужумига учрагани маълум бўлди ва сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида раиснинг 20 июль куни вафот этгани ҳақидаги бу хабар рад этилганди.
Муса Ерниязов 1947 йил 20 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган. У 1971 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини электр муҳандиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Муса Ерниязов 1996 йилдан 1998 йилгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши «Оролбўйи» уюшмаси раҳбари, 1998—2000 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, 2000—2001 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой вилояти ҳокими, 2002 йил майгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2002 йил май ойидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси, 2002 йил 29 августда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари этиб сайланган.
Aввалроқ Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир деб баҳоланаётгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, Жўқорғи Кенгес раиси ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова коронавирусга чалинган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсуновнинг касал эканлиги маълум қилинган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 31 июл соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 23 773 нафарга етган. Aйни пайтга қадар 14 204 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган. Ҳозирда 9430 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.