Бухорода 2020 йилда 237 нафар шахсга фуқаролик берилди

Бухоро вилоятида 2020 йилда 237 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароликка қабул қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, вилоят ҳудудида яшовчи фуқароларга 15 508 та биометрик паспорт расмийлаштириб берилган. Ўзбекистонга келган 11 878 нафардан ортиқ хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинчалик қайддан ўтиб, 19 нафаридан доимий яшаш учун қолишга ҳужжатлар қабул қилинган.

Шунингдек, Бухоро вилояти ҳудуди бўйича 17 642 нафар фуқаролар доимий, 4 933 нафар фуқаролар вақтинча рўйхатга қўйилган. Фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш учун 14 та ҳужжатни йиғиш пунктлари ташкил этилган, улар томонидан 19 323 та талабнома шакллантирилган. Бундан ташқари, 17 100 нафар фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштирилган.

Аввалроқ Бухоро туманида 12 нафар шахсга фуқаролик паспорти топширилгани, Ўзбекистонда 2030 йилгача биометрик паспорт ўрнига ID-карталар жорий этилиши хабар қилинганди.