Ўзбекистонда мактаб битирувчиларининг якуний имтиҳони қачон ўтказилиши маълум бўлди

АОКАда 21 апрель куни ўтказилган брифингда Халқ таълим вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова мактаб битирувчиларининг якуний назорат имтиҳонлари қачон ўтказилишини маълум қилди

Қайд этилишича, умумтаълим муассасаларида ўқув машғулотлари 2022 йил 25 май куни тугайди ва 9- ва 11-синф ўқувчиларининг якуний назорат имтиҳонлари 26 майдан 15 июнга қадар ўтказилади. Хусусан, 9-синф битирувчилари она тили ва адабиёт, ўзбек тили/рус тили, математика, тарих, жисмоний тарбия ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича имтиҳон топширади. 11-синф битирувчилари эса она тили ва адабиёт, математика, чет тили, тарих ва ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича якуний назорат имтиҳонларини топширади.

«Хўш, жорий йилда якуний имтиҳонлардан кимлар озод этилади? Давлат тест маркази томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат сертификатга эга ҳамда чет тили фани бўйича В1 ва ундан юқори В2, С1, С2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчилар тегишли фандан ҳамда чет тили фанидан мактаб педагогика кенгашининг қарори асосида якуний назорат имтиҳонларидан озод этилади», — деди вазирлик вакили.

Лайло Рустамованинг сўзларига кўра, жорий ўқув йили якунида 5-6-7-8 ҳамда 10-синфларнинг босқичли имтиҳонлари бўлмайди. Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ва мактаб-интернатларида эса босқичли имтиҳонлар уларнинг ички низомларига мувофиқ ихтисослашув фанлари доирасида амалга оширилади. Маълумот ўрнида, жорий ўқув йилида мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчилар битиради.

Янгиликлар