Жиззахда сел келиши оқибатида яна бир кишининг ўлгани маълум бўлди

Жиззах вилояти Фориш туманида 20 апрель куни сел келиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Вилоят прокуратураси матбуот хизмати тезкор-қидирув тадбирлари натижасида яна 1 кишининг жасади топилганини маълум қилди.

Прокуратура баёнотига кўра, 20 апрель куни соат 15:00 ларда кучли ёмғир ёғиши оқибатида Фориш тумани, «Эгизбулоқ» маҳалласи ҳудудидаги «Нурота» тоғ тизмасидан «Оришли» қишлоғи орқали «Эгизбулоқ» қишлоғига сел тошқини келган. Оқибатда, шу ҳудудда яшовчи 4 нафар шахслар вафот этган, 1 нафари бедарак йўқолган ва 6 нафари турли даражада тан жароҳати олган. Шунингдек, сел тошқини натижасида 53 та турар жой ва уларнинг ёрдамчи хўжалик биноларига зарар етган.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаган. Олиб борилган терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бедарак йўқолган одам сувга чўкиши натижасида вафот этганлиги аниқланиб, унинг мурдаси топилган.

Шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатлари натижаси бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилган.

Янгиликлар