Қўқонда «АрМИ—2020» баҳсларига тайёргарлик ишлари бошланди (фото)

Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисм ўқув марказида «АрМИ-2020» баҳсларига тайёргарлик жараёни қизғин паллага кирган. Бу ҳақда Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати

Шаҳарда жойлашган ҳарбий қисмда махсус бунёд этилган ўқув марказ йўлагида Россия, Беларусь ва Ўзбекистоннинг икки жамоаси совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Фото: Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати

19 август куни бўлиб ўтган бош ҳакам ва ҳайъат аъзоларига сертификатлар топшириш тадбирида беллашувлар тартиби, унда фойдаланиладиган автомобиль русуми ва бажариладиган машқларга аниқлик киритилди. Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси мутахассислари 2020 йилги «Йўл патрули» мусобақасида 98 от кучига эга, двигатель ҳажми 1,5 литр сиғимли механик бошқарув тизимли «Nexia-3» русумли автомобилларда ўзларига топширилган топшириқларни бажарадиган бўлди.

Фото: Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, «Йўл патрули» баҳслари икки босқичда – мутахассислар беллашуви ҳамда ҳарбий-техник эстафета (жамоавий пойга) кўринишида ўтказилади. Дастлабки босқичда иштирокчилардан автомобилларни экстремал вазиятларда аварияга қарши элементларни бажариш маҳорати, белгиланган маршрутда индивидуал пойга, инспекторлар томонидан йўл ҳаракатини бошқариш, машина ғилдиракларини алмаштириш ва автомобилни экстремал ёнма-ён тўхтатиш машқларини бажариш талаб этилади.

Фото: Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати

Ҳарбий-техник эстафета (жамоавий пойга) ҳисобланувчи иккинчи босқичда эса иштирокчилар махсус кийим ва жанговар қурол билан махсус асфальт йўлагини босиб ўтади. Йўлакни босиб ўтиш жараёнида мусобақа қатнашчилари ўзларига бириктирилган автомобилларда ўрнатилган тўсиқлардан бехато ўтиш ва турли синов машқларини бажаради.

Ўзбекистоннинг «Йўл патрули» мусобақасида қатнашаётган ҳар икки жамоаси ҳамда меҳмонлар 20 августдан бошлаб юқорида санаб ўтилган баҳсларга тайёргарлик жараёнини бошлаб юборди ва машғулотларда шартли йўл ҳаракати ҳодисаси вақтида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича машқи бажарилди.

Фото: Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати

Маълумот учун, Беларусь ҳарбий хизматчилари халқаро АрМИ ўйинларининг ушбу йўналишида биринчи марта иштирок этмоқда.

Аввалроқ Россия ва Беларусь давлатларининг ҳарбий жамоалари мусобақа учун Ўзбекистонга етиб келгани хабар қилинган эди. Шунингдек, улар Қўқонга бориб, тарихий жойларга ташриф буюрган.

Янгиликлар