«Уч кун қўрқиб юрганман». Ўзбекистонлик дастурчи Россиядаги банкни қандай қилиб бузгани ҳақида гапириб берди
Россиядаги йирик компанияда ишлаган ўзбекистонлик дастурчи Акмал Кадиров ёшлигида Россиянинг Омск шаҳридаги банкни бузиб, ўз ҳисобига 300 доллар ўтказиб олгани ҳақида гапириб берди.
Унинг сўзларига кўра, дастурчилар энди иш бошлаган вақтларида бузғунчилик қилиб кўришни яхши кўради. У ҳам мактабни битирган вақтларида, тахминан 2006 йилда, шундай бузғунчилик қилган.
«Нимагадир энди дастурлашни ўрганган одам бузғунчилик қилишни ёқтиради. Менда ҳам шундай бўлган. Дўстларим билан Голливуд киноларини эслаб уйда ўтиргандик, улар ‘сен ҳам хакерсан-ку, зўрсан-ку, бирорта банкни бузиб кўрсат’, деб қолди. Хуллас, ҳазил билан ҳар хил банкка кириб кўрдик, шунда Россиянинг Омск шаҳридаги битта банкнинг тизими кучсизроқ экан. Шартта ана шунга кириб кетдим-да, тўғрисини айтсам, ўзим қалтираб кетдим. Aслида ўғирлаш ниятим ҳам бўлмаган, шунчаки қизиқиш бўлган: қила оламанми, йўқми..
Қалтираб кетганим сабабли бошқача ҳолатга тушиб қолганман. Пул олганим билинмаслиги учун унақа катта пул олмаганман, 300 доллар олганман. Бўлди, дўстларим ҳам кетди. Шундан кейин менда қўрқув бошланган. Ҳозир келади, мени олиб кетишади, деб қўрқиб, уч кун кутганман. Чунки мен пулларни ‘WеbMoney’ дастурида ўтказгандим. Дастурни Омск, Москва ва Тошкентдан кузатишганини кўрдим. Бўлди, тамом бўлдим, деб жуда қўрққанман», — дейди дастурчи.
Таъкидлашича, бир оз вақт ўтиб, унга ана шу банкнинг менежери ёзган.
«Бир оздан сўнг банкнинг менежери ёзиб қолди. У ёшимни сўради. Раҳмини келтириш учун ‘12 ёшман’, дедим. Менежер шу ёшда банкни бузганимга ҳайрон қолганди. У мени жазоламаслиги учун банкни қандай бузганим, банк хавфсизлик тизимида қандай камчиликлар борлиги ҳақида ҳамма нарсани унга айтиб бердим. У эса олган 300 долларимни қайтаришим эвазига менга жиноий иш очмаслигини айтди. Олган пулимни жойига қайтариб қўйганман. Шундан кейин ҳалол яшашга ҳеч нима етмаслигини тушунганман».