Тошкентда иссиқхоналар билан табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузила бошланди
Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналар табиий газга ўтказила бошланди, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, президентининг 24-ноябрдаги «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–229-сон фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжалиги объектларини табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузишни ташкил этиш белгиланган.
Шу асосда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан иссиқхона хўжаликлари билан уч томонлама шартномаларни расмийлаштириш жараёнлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Хусусан, Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилган Тошкент шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 68 та иссиқхона хўжалигига (173,1 гектар майдонда) белгиланган тартибга кўра табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган ва табиий газ етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, Зангиота туманидаги 34 та ва Қибрай туманидаги 66 та иссиқхона хўжалиги билан «иссиқлик энергиясини етказиб бериш» бўйича шартномалар тузилган. Шунга асосан ушбу иссиқхона хўжаликларига белгиланган миқдорда иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда.
Ҳозирда табиий газ тармоғига уланган барча иссиқхоналарга «зангори ёқилғи» узлуксиз ва белгиланган меъёрларда етказилаётгани таъкидланди.





