Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишлари қачонгача давом этиши маълум бўлди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Давлат статистика қўмитаси томонидан Ўзбекистон президенти фармони лойиҳаси оммавий муҳокама учун жойлаштирилди. Унга кўра, аҳолини рўйхатга олишнинг республика ва ҳудудлар даражасида якуний натижаларини олиш муддати 2025 йил 1 декабрь этиб белгиланиши таклиф этилган.

Фото: «Tez News»

Ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим ҳужжатлари, хусусан ПФ-5655-сон фармони ҳамда ПҚ-4796-сонга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда ўтказилиши назарда тутилган аҳолини рўйхатга олиш ишлари 2023 йилга кўчирилиши мумкин.

Статистика қўмитасининг маълум қилишича, пандемия сабабли кўпгина давлатлар аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддатларини кейинги йилларга кўчириш чораларини кўрмоқда. 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, бирламчи маълумотларини таҳлил қилиш ва якуний натижаларини эълон қилишга доир белгиланган вазифаларни тўлиқ, сифатли ҳамда ўз вақтида бажариш имконини беради.

Қайд этилишича, аҳолини рўйхатга олишнинг республика ва ҳудудлар даражасида якуний натижаларини олиш муддати 2025 йил 1 декабрь этиб белгиланиши таклиф этилган. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш натижаларини расмий чоп этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш муддати ҳам 2025 йил якунига белгиланмоқда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг лойиҳаси 10 декабрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ҳамда юридик шахсларнинг почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар, никоҳдан ўтиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, ТИЕК кўригидан ўтиш ва транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш экстерриториал тамойил бўйича амалга оширилади.