Тошкент вилоятида ер участкаларини беришда «югур-югур»ларга йўл қўйган 56 нафар мансабдор жаримага тортилди

Тошкент вилоятида ер участкаларини беришда бюрократик тўсиқларга йўл қўйган турли соҳаларда фаолият юритувчи 56 нафар мансабдор жаримага тортилди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент вилоятида ваколатли органларнинг назорат ишлари ўтказилган. Тадбирлар давомида «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда ер участкаларини танлаш материалларини тайёрлаш, келишиш ва хулосаларни олиш бўйича амалга оширилаётган ишлари юзасидан таҳлил ва ўрганишлар олиб борилган. Унинг натижаларига кўра, ер участкаларини бериш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва келишишда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларини чўзилишига ва бюрократик тўсиқларга йўл қўйган туман ва шаҳарлар бўйича бир неча масъулларга чора кўрилган.

Хусусан, ер ресурслари ва давлат кадастрининг 15 нафар, Давлат солиқ инспекциясининг 4 нафар, «Тошкентсувтаъминот» МЧЖнинг 15 нафар, «Тошкент ҳудудий электр тармоқлар корхонаси» АЖнинг 19 нафар, Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 1 нафар ҳамда туман ва шаҳар ҳоким ўринбосарларининг 2 нафар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жаримага тортилган.

Аввалроқ Тошкентдан ер олиб бериш учун 352 минг доллари талаб қилган ҳокимият ходими қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар