Тошкентдан ер олиб бериш учун 352 минг доллари талаб қилган ҳокимият ходими қўлга олинди

Тошкент шаҳрида ер майдони олиб бериш эвазига жами 360 минг АҚШ доллари талаб қилган ҳокимлик ходими ушланди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликларининг бирида ишловчи мансабдор шахс Навоий вилоятида рўйхатдан ўтган корхонага Тошкент шаҳридан 16 сотих ер майдонини расмийлаштириб, тегишли қарорини чиқартириб бериш эвазига ҳар бир сотих учун 22 минг АҚШ долларидан жами 352 минг АҚШ доллари талаб қилган. ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс сўралган пулнинг 35 минг АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга тушган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги шаҳар ҳокимликларидан бирида масъул лавозимдаги шахс маҳаллий фуқарога шаҳар ҳудудидан 15 сотих ер майдонини олиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган. Фирибгар пулнинг 4,5 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ушланган. Аниқланишича, Мазкур шахс тергов жараёнида дастлабки ҳужжатларни тайёрлаш учун муқаддам 5,5 минг АҚШ долларни олган.

Шунингдек, Тошкент вилоятида муқаддам судланган шахс Бўстонлиқ тумани Ҳожикент қишлоғидаги 1 гектар ер майдонини туман ҳокимлигидаги танишлари орқали маҳаллий фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 160 минг АҚШ доллари талаб қилган ва ўралган пулнинг 80 минг долларини олган вақтида ушланган. Маълум бўлишича, ушбу 1 гектар ер майдони фирибгар шахснинг икки нафар қариндоши номига 2007 йилда деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун расмийлаштириб берилганлиги аниқланган.

Аввалроқ Янгийўлда раис маҳаллага тегишли ерни 10 минг долларга «пуллаган»и ва Ўзбекистонда сўнгги икки йилда мансабдор шахслар давлатга қанча зарар етказгани ва Ўзбекистонда коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган соҳалар маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани хабар қилинган.