Янгийўлда раис маҳаллага тегишли ерни 10 минг долларга «пуллади»

Тошкент вилояти Янгийўл туманида Обод маҳалла фуқаролар йиғини раиси 27 ноябрь куни ушбу маҳаллага тегишли бўлган 8 сотих ерни 10 000 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, жиноят қидирув бўлимига келиб тушган аризага асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида Янгийўл тумани Обод маҳалла раиси лавозимида ишловчи 1954 йилда туғилган Э.М. ариза муаллифи Р.Т.дан 8 сотих ер учун жами 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Хабарда айтилишича, раис ернинг ҳар бир сотихини 1250 АҚШ доллардан «пуллаган». Шунингдек, раис Э.М. фуқарога 2004 йил ҳисобидан эски қарор тайёрлаб беришни ҳам ваъда қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси тергов бўлими томонидан фуқаро Э.М. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Самарқандда банк ходимлари бюджетдан қанча маблағни ўзлаштиргани, Ўзбекистонда сўнгги икки йилда мансабдор шахслар давлатга қанча зарар етказгани ва Ўзбекистонда коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган соҳалар маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани хабар қилинган.

Янгиликлар