Ўзбекистонда антикоррупция лабораториялари ташкил этилади

Ўзбекистонда илк бор антикоррупция лабораторияларини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишга туширилади. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, мазкур лойиҳа «Юксалиш» УҲ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва «Минтақавий мулоқот» (Словения) халқаро нодавлат ташкилоти ўртасида амалга оширилмоқда. Антикоррупция лабораторияларини ташкил этиш бўйича лойиҳа тақдимоти 2020 йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистонда антикоррупция ҳафталиги доирасида ўтказилган «Давлат хизматчилари фаолиятида ‘ҳалоллик вакцинаси’ни жорий этиш масалалари» мавзусидаги халқаро онлайн-семинар давомида тақдимот қилинган.

«Лойиҳа 8 босқичда олиб бориладиган йирик антикоррупцион тадқиқотларни ўз ичига олади. Якуний мақсад — таълимнинг барча босқичларида, яъни мактабгача таълимдан олий таълимгача имкон қадар кўпроқ коррупция ҳолатларининг тўлиқ манзарасини ҳосил қилиш», дейилади хабарда.

Антикоррупция лабораторияларини ташкил қилиш лойиҳасининг таянч нуқтаси сифатида ушбу соҳа танлаб олинган. Коррупция хатарлари ўтказиладиган сўров натижалари, статистик маълумотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва молиявий назорат органлари, шунингдек, мобиль дастурлар орқали юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари асосида баҳоланади. Маълумотларни тўплаш ва коррупция хатарлари таҳлили доимий равишда ўтказилади, тегишли чоралар эса ҳар уч ойда ишлаб чиқилади.

Қайд этилишича, жамланган маълумотлар натижалари асосида ушбу тажрибани таълимнинг бошқа йўналишларида қўллаш режалаштирилган. Бунда ўқитувчиларни ишга қабул қилишда, дарс соатлари, синф раҳбарлигини тақсимлашда, мактаб ва синф фондига пул йиғишда, умумий таълим соҳасида давлат харидлари, абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда, ўқитувчи ва талаба ўртасида порахўрлик каби муаммолар инобатга олинади.

Аввалроқ Ўзбекистонда мансабдор шахслар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида 200 миллиард сўмдан ортиқ пул ўғирлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ўтган 9 ойда 129,1 миллиард сўмлик бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар